Ўзбекистон афғон нефть-газ конларига сармоя киритади

Толибон ҳукумати мулозими Мулло Абдул Ғани Бародар (ч) Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов (ў) билан, Тошкент, 2025 йил 22 феврали

Ўзбекистонлик тадбиркорлар Афғонистоннинг муҳим тармоқларига, жумладан, нефть ва газ конларини қидириш ва қазиб олиш, саноатни ривожлантириш, Саманган вилоятида цемент заводи қурилишига сармоя киритади. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев Тошкентда Афғонистон муваққат ҳукумати бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулло Абдул Ғани Бародар билан музокараларда маълум қилган.

Gazeta.uz нашрининг хабар қилишича, Мулло Абдул Ғани Бародар ташрифни самарали деб атаган ва Ўзбекистон расмийлари билан музокаралар чоғида савдони кенгайтириш, электр энергияси импорти, Афғонистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, темирйўл қурилиши бўйича келишувларга эришилганини таъкидлаган.

“Толибон” мулозимига кўра, электр узатиш линиясини қуриш лойиҳаси қийматини 252 млн доллардан 222 миллион долларгача камайтиришга муваффақ бўлинган.

Савдо, энергетика, авиация, қишлоқ хўжалиги, темирйўл транспорти соҳаларида тегишли вазирлар билан бир неча бор учрашув ўтказилди. Бу йўналишларда янада олдинга силжиш мумкин”, деган Бародар.

“Толибон” мулозими 23 февраль куни Ўзбекистон билан Ҳайратон–Ҳирот темирйўли лойиҳаси бўйича ҳам келишувга эришилгани, қурилиш техник-иқтисодий асослаш якунланганидан кейин 10 кун ичида бошланишини маълум қилган.

Томонлар, шунингдек, ўнта афғон товарига ва ўнта ўзбек товарига божхона тўловларини нолга туширишга келишишган.

Озодлик аввалроқ Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Тошкентда Толибон шакллантирган афғон ҳукумати раҳбарининг ўринбосари в.б. Мулло Aбдул Ғани Бародар билан музокара ўтказгани ҳақида хабар қилган эди.

Ўзбек расмийлари “Толибон” ҳаракати вакиллари 2021 йил 15 августида Кобулни эгаллаб олганидан буён улар билан орани бузмасликка уриниб келишади. Расмий Тошкент толиблар ҳокимият тепасига келганидан буён бир неча бор Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини йўллаган.

Толиблар ҳокимиятга келганидан буён дунёдаги мамлакатлардан биронтаси у шакллантирган ҳукуматни расман тан олган эмас.

Ўзбекистон Афғонистоннинг Тошкентдаги элчихонасини 2024 йил февраль ойида янги маъмурият ихтиёрига топширган.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 2024 йил 9 октябрь куни Афғонистоннинг Тошкентдаги дипломатик миссияси янги раҳбари Абдул Ғаффор Теравийни қабул қилган.

Ўтган йил охирида Афғонистон миллий электр энергияси ширкати (DABS) Ўзбекистон билан электр энергияси импорти бўйича келишув муддатини узайтирганди.